059-002 У зот аҳли китобдан бўлган кофирларни ўз диёрларидан биринчи ҳашр учун чиқарди. Уларни чиқади деб ўйламаган эдингиз. Ўзлари ҳам қўрғонимиз бизни Аллоҳ(азоби)дан сақлаб қоладир, деб ўйлашарди. Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди ва уларни қалбига қўрқинч солди. Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар. Ибрат олинг, эй ақл эгалари! (Яҳудийлар қўрғонларига ишониб, бизга ҳеч қандай ёмонлик етиши мумкин эмас, деб хотирлари жам эди. Лекин Аллоҳ таоло улар ўйламаган, хаёлларига келмаган ишни амр қилди. Қўрғонлар жойида қолиб, яҳудийларнинг қалбларидан путур кетди. Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқинч ва ваҳима солди. Ана шунда, биз кўчиб кетсак, бу қўрғонлар мусулмонларга қолмасин, дея уйларини ўзлари буза бошладилар. Мусулмонлар қамал давомида биноларга ташқаридан путур етказди. Оқибатда мустаҳкам қўрғонлар вайрон бўлди. Бу воқеа ақли бор ҳар бир кишига ўрнак бўларлик бир огоҳлантиришдир. Демак, бандаси қанчалик хом хаёл қилмасин, Худонинг буюргани бўлади.)
059-003 Мабодо Аллоҳ уларга кўчишни ёзмаганда ҳам бу дунёда уларни азоблар эди. Уларга охиратда дўзах азоби бордур. (Инсон охиратда бу дунёда қилган гуноҳ амалларига яраша жазо олиши муқаррар. Яҳудийларнинг кўчирилиши, улар учун нисбатан енгил азобдир.)
059-005 Сизнинг хурмони кесишингиз ёки аслида тик қолдирганингиз фақат, Аллоҳнинг изни билан ва бузғунчиларни хорлаши учун бўлди. (Хурмо дарахтининг энг яхши нави «лийнатин» деб аталади. Оят тафсиридла таъкидланганидек, баъзи хурмо дарахтларини кесиб, баъзиларининг қолдирилиши бузғунчилик учун эмас, балки Аллоҳнинг изни билан бўлди. Ислом шариатида уруш пайтида ҳам ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтириш қатъиян ман қилинади. Бу боқий ҳукмдир. Лекин Бани Назийр ҳодисасида Аллоҳ таоло Ўзи уларни баъзи хурмо дарахтларини кесиб ўт қўйишга изн берган.)
059-006 Аллоҳ Ўз Расулига улардан қайтариб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз. Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарини хоҳлаган кимсанинг устидан, ғолиб қиладир. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Бу оятда Аллоҳ таоло қўлга тушган мол-мулк учун мусулмонлар туя миниб, от чоптириб қийналмаганларини, бу нарсаларни Пайғамбарига Аллоҳнинг Ўзи, Ўз қудрати билан берганини эслатмоқда.)
059-008 Фақир муҳожирларгаки, улар ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган эдилар, (улар) Аллоҳдан фазл ва Унинг розилигини умид қилулар. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берурлар. Ана ўшалар содиқлардир.
059-010 Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар. (Ояти каримада Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ип намоён бўлмоқда. Кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъий назар, ўзидан аввал ўлиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қиладилар. Ўлганларни сўкиш, уларни хорлаш мусулмонларга муносиб иш эмас. Ислом умматининг ўлигию, тириги, аввалию охири бир хилда эъзозга лойиқдир.)
059-011 Нифоқ қилганларнинг аҳли китобдан бўлмиш куфр келтирган ўз биродарларига: «Агар сизлар чиқарилсангиз, биз ҳам сизлар билан чиқамиз, сизни қуйиб ҳеч қачон ҳеч кимга итоат қилмасмиз ва мабодо сизларга уруш қилинса, албатта ёрдам берурмиз», дейишларини кўрмайсанми? (Мунофиқ лар аҳли китоб бўлмиш яҳудий қабиласи Бани Назийрга келиб: «Муҳаммаддан қўрқманглар, биз сизлар билан биргамиз. Мабодо ўз юртларингдан чиқиб кетишга мажбур бўлсаларингиз, биз ҳам сизга қўшилиб чиқиб кетамиз. Агар Муҳаммад сизга қарши уруш қиладиган бўлса, биз сизларга ёрдам берамиз», дейишган.)
059-012 Албатта агар у(яҳудий)лар чиқарилсалар, улар бирга чиқмаслар. Ва, албатта, агар у(яҳудий)ларга уруш қилинса, (мунофиқлар) уларга ёрдам бермаслар. Бордию ёрдам берганларида ҳам, ортларига қараб қочарлар ва алар ёрдамсиз қоларлар.
059-013 Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра сизлар кўпроқ қўрқинчли туюласизлар. Чунки улар яхши англамайдиган қавмдирлар. (Мунофиқу кофирлар Аллоҳдан кўра мўмин-мусулмонлардан кўпроқ қўрқадилар. Агар Аллоҳнинг Ўзидангина қўрқанларида эди, мунофиқ ҳам, кофир ҳам бўлмас эдилар.)
059-014 Сизларга қарши уюшиб очиқ уруш қила олмаслар, балки қўрғон билан ўралган қишлоқларда ёки деворлар ортига бекиниб олиб уруш қилурлар. Ўз ораларида адоватлари шиддатли. Уларни бир деб ўйлайсан. Ҳолбуки, қалблари тарқоқдир. Бу, уларнинг ақл юритмайдиган қавм эканликларидандир. (Табиийки, ихтилофлар туфайли истаклар, мақсадлар, фирқалар ва шиорлар кўпаяди. Бу эса ҳар бир миллатни ҳалокатга олиб боради.)
059-016 Бу худди Шайтон инсонга, кофир бўл, деган пайтга ўхшайдир. У (инсон) куфр келтирганда эса, сен билан менинг ишим йўқ, мен оламлар Оббиси-Аллоҳдан қўрқаман, деди.
059-017 Бас, уларнинг оқибатлари бир. Албатта, икковлари ҳам дўзахда бўлурлар, у ерда абадий қолурлар. Ва бу золимларнинг жазосидир. (Бани Назийр қабиласи ушбу жонли мисол билан хотима топади.)
059-018 Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак.)
059-019 Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўз шахсларини унутдирди. Ана ўшалар, фосиқдирлар. (Аллоҳни унутган одам бу дунёда уни олий мақом билан боғлаб турувчи алоқани йўқотади. Уни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган олий мақсаддан маҳрум бўлади. Ва ниҳоят, ўзининг инсонлигини унутади.)
059-021 Агар ушбу Қуъонни тоғга туширганимизда эди, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб ва парчаланиб кетганини кўрар эдинг. Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки улар фикр юритсалар.
059-024 У Аллоҳ Холиқ, Бариъу, Мусаввирдур. Барча гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этарлар. Яна У Азиз ва Ҳакимдир. (Холиқ-яратувчи. Бариъу-йўқдан бор қилувчи. Мусаввир-махлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи зот. Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир. Ҳадиси шарифда Аллоҳнинг тўқсон тўққизта чиройли исми зикр қилинган. Осмонда бўлсин, ерда бўлсин, дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд этади, лекин биз уларнинг тасбиҳини тушунмаймиз. У Аллоҳ ғолибдир ва ҳаким-барча ишларни ҳикмат билан қилувчи зотдир.)