047-001 Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг амалларини У зот ботил қилди. (Иймонсизларнинг қилган яхшиликлари ҳам ажр-савобсиз бўлади. Инсон Аллоҳга ишонмаса, кофир бўлса, Аллоҳ унга қандоқ қилиб савоб ато этади.)
047-002 У зот иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган ва Муҳаммадга нозил қилинган нарса(Қуръон)га–ҳолбуки у Роббиларидан келган ҳақдир–иймон келтирганларнинг айбларини беркитур ва аҳволларини яхшилар.
047-010 Ер юзида юриб, ўзларидан аввалгиларнинг оқибати қандоқ бўлганлигига назар солмасларми? Аллоҳ уларни вайрон қилди-ку! Кофирларга ҳам шунга ўхшаш бўлур.
047-012 Албатта, Аллоҳ иймон келтирганлар ва яхши амал қилганларни тагидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Куфр келтирганлар ҳузур қилурлар ва худди чорва ҳайвонлари егандек ерлар ва дўзах уларнинг жойидир. (Бу ерда гап ҳақиқий ва ниҳоий насиб ҳақида кетаяпди. Кофирларга бу дунёда мол каби еган таомидан ўзга насиба йўқ.)
047-015 Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчиларга лаззатбахш хамр-шаробли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун у ерда барча мевалар ва ўз Роббиларидан мағфират бор. Ўшалар оташда мангу қолувчи ва ўта қайноқ сув ила суғорилиб, ичаклари титилиб кетган кимсага ўхшайдиларми?
047-018 Улар (қиёмат) соатининг бирдан келишидан бошқа нарсага интизор бўлишаётгани йўқ. Дарвоқеъ, аломатлари келиб ҳам қолди. Агар у келиб қолса, улар қаердан эслатма олурлар?! (Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларига кириб ҳеч нарсани тушунмай чиқаётган ғофил мунофиқлар ва уларнинг издошлари нимани кутишяпти? Уларга нима керак? Улар қиёмат соатининг бирдан, тўсатдан келиб қолишидан бошқа нарсани кутишаётгани йўқ. Қиёматнинг аломатлари эса, келиб қолди. Демак, ўзининг келиши ҳам яқин. Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар этиб юборилишлари.Чунки у киши Пайғамбарларнинг охиргиларидирлар. У кишидан кейин Пайғамбар келмайди, балки қиёмат келади.)
047-019 Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, ўзингнинг, мўминларнинг ва мўминаларнинг гуноҳларини мағфират қилинишини сўра. Аллоҳ сизларнинг кезар жойларингизни ҳам, борар жойларингизни ҳам билур. (Аллоҳ таолонинг «Билгин» деб хитоб қилиши ақида масаласида билим зарурлигига таъкиддир. Бу ишда кўр-кўрона тақлид фойда бермайди. Демак, «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ»лигига ақида қилиш билим асосида бўлиши жуда ҳам яхши бўлар экан.)
047-021 Уларга тоат ва яхши сўз яхшироқдир, бас, иш жиддийлашганда, Аллоҳга содиқ қолсалар, ўзларига яхши бўлур эди. (Иймон саодатига муяссар бўлганлар доимо ўзлари иймон келтирган Зотдан фармон бўлишини орзиқиб кутадилар. Чунки уларнинг энг улкан саодати фармони илоҳийга амал қилиб Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Худди шу туйғу уларни «Ва иймон келтирганлар, бирон сура нозил қилинса эди, дейдилар», каби мавқифига сабаб бўлган. Ўша орзу қилинган сура нозил қилинса, нима бўлади? У вақтда мўмин мусулмонлар хурсандлик ила унга амал қилишни бошлайдилар.Ўзларининг иймонда содиқликларини исбот қиладилар. Аммо шундай пайтда мунофиқларнинг ҳақиқий башаралари намоён бўлади, уларнинг риё пардалари йиртилади.)
047-028 Бундай бўлиши, албатта уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага эргашганлари ва Унинг розилигини хуш кўрмаганликлари сабабидандир. Бас, У зот амалларини ҳабата қилди.
047-030 Агар хоҳласак, Биз уларни сенга кўрсатамиз, таъкидки, сен уларни сиймоларидан танийсан, албатта, сен уларни гап оҳангларидан танийсан. Аллоҳ амалларингизни билиб турур. (Мунофиқлар ўз кирдикорларини қанчалик яширсалар ҳам, ўзларини Ислом учун фидокор қилиб кўрсатсалар ҳам, Қалбларида касали бўлгани учун нифоқлари ошкор бўлади.)
047-031 Ва таъкидки, Биз сизларни синаймиз, токи сизлардан мужоҳидларни, сабрлиларни билсак ва хабарларингизни имтиҳон этсак. (Синов Аллоҳ таолонинг Ўзи учун эмас. У шундоқ ҳам ҳамма нарсани–одамларнинг кимлигини, сир яширганлари-ю ошкорини, имконияти-ю хоҳишини–барча-барчасини яхши билади. Аммо одамлар бу нарсани англамайдилар. Инсонларнинг бу нарсаларни англаши келажак ҳаётларида ёрдам беради.)
047-032 Албатта, куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар ҳамда ҳидоят аниқ бўлгандан сўнг Пайғамбарга қарши чиққанлар Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмаслар. Ва уларнинг амалларини У зот ҳабата қилур. (Булар у зотнинг ҳаётлик даврларида шахсларига, динларига, Қуръонларига, саҳобаларига қарши чиққанлардир. Пайғамбарнинг вафотларидан сўнг эса у кишининг динларига, шариатларига, суннатларига, даъватларига,умматларига қарши чиқанлардир.)
047-035 Бас, бўш келманглар ва ўзингиз устун бўлиб туриб, ярашга чақирманглар. Аллоҳ сиз билан ва амалларингизни ҳеч-ҳеч камайтирмас. (Аллоҳнинг йўлидаги кураш осон бўлмайди. Лекин дин учун хизмат қилувчи мўминлар доимо устун бўладилар. Устун турганлар эса «бўш келманглар» деган хитобни доимо ёдда тутишади. Улар ҳамма тарафдан устун.)
047-036 Албатта, бу дунё ҳаёти ўйин ва кўнгил хушидир ва гар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, У зот ажрларингизни берур ва молу дунёларингизни сўрамас.
047-038 Ҳой сизлар! Анавилар! Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга чақирилсангиз, бас, баъзиларингиз бахиллик қилурсизлар. Ва ким бахиллик қилса, албатта, ўзига бахиллик қиладир. Ва, ҳолбуки, Аллоҳ бой, сизлар камбағалсизлар. Ва агар сиз юз ўгириб кетсангиз, У зот сиздан бошқа қавмни ўрнингизга келтирур, улар эса сизларга ўхшаган бўлмаслар. (Аллоҳ таоло инсон табиатини қанчалик дақиқ билишини таъкидламоқда. Сахийлик, Аллоҳнинг йўлида мол сарфлашдек фазилатлар кўп мусулмонларга хос бўлиб, уларнинг бу борадаги ишлари тарих саҳифаларида боқий қолган. Шу билан бирга, баъзи бахиллар ҳам бўлган, бу ҳам воқеаликдир. Қуръони карим ушбу оятда шу бахилликни муолажа қилмоқда.)