022-002 Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.
022-003 Одамлардан Аллоҳ ҳақида билмасдан тортишганлари ва бебош шайтонга эргашганлари ҳам бор. (Аллоҳ таоло ҳақида, «билмасдан» тортишиш жоҳилликдир. Бундай тортишувга журъат қилган шайтонга эргашган бўлади.)
022-005 Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топдирамиз. Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарамиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қиламиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрасан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканар ва кўпчир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир. (Сизнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсон йўқ эди. У отасининг нутфа-спермасидан дунёга келди. Оддий кўзга кўринмас ушбу маний ҳайвончалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?! Ана шу заррадан одам яратган Холиқ Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?! Қуръони Каримда «алақа» деб номланган босқичдаги ҳомила зулукдек бачадонга ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг суврати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни фарқлаб бўлмайди.Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор? Ҳомила ривожланиб, алақа-лахта қон шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолига ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади, бачадондан тушиб кетади. Ҳеч ким уни эсламайди ҳам. Энди, ўша бир парча чайналган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик? Ўша гўштдан инсон яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!)
022-011 Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир. (Ислом тижорат эмаски, унга ўткинчи фойдани кўзлаб кирилса. Ислом–иймон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо этиш, ҳар хил бало-офатларга бардош бериш демакдир. Ана ўша синовлардан ўтганлар икки дунё бахтига сазовор бўладилар. Аммо Исломга муайян фойдани кўзлаб кирган, ўша фойдага эришса, хурсанд бўлиб, эришмаса, динни тарк этиб, юз ўгириб кетадиган мунофиқлар икки дунёда зиён кўришлари муқаррар. Аслини олганда мунофиқ, Исломдан, Аллоҳдан юз ўгириб, қаёққа ҳам борарди, кимга ҳам топинарди?)
022-015 Кимки унга бу дунёю охиратда Аллоҳ нусрат беришига шубҳа қилса, бир восита топиб, осмонга осилсин, сўнгра уни кессин. Бас, назар солсин-чи, унинг бу ҳийласи ғам-ғуссани кеткизармикан?! (Аллоҳга иймони йўқ кишининг ҳоли шундай бўлади. Унинг бало-офатдан, ғам-ғуссадан қутулишга чораси йўқ. Аллоҳга иймони бўлмагани учун ундан нусрат келишига ҳам умид қилмайди. Шунинг учун ё осмонга чиқиб, ёрдам топсин, ё, ундай қила олмаса, ўзини оссин. Бошқа иложи йўқ.)
022-017 Албатта, Аллоҳ қиёмат куни иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насоролар, мажусийлар ва ширк келтирганлар орасида Ўзи ажрим қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир.
022-018 Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмайсанми? Кўпларига эса, азоб ҳақ бўлди. Кимни Аллоҳ хор қилса, уни икром қилгувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилади. (Демак, дунёдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади. «Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар Аллоҳга сажда қилади», деб қўйилса, кифоя эди, бутун борлиқнинг сажда қилиши тушунаверилар эди. Лекин баъзи махлуқлар алоҳида қайд этилди, чунки баъзи одамлар ўша махлуқларга–қуёш, ой ва юлдузларга сажда қиладилар. Оятда ўша нарсаларнинг Аллоҳга сажда қилишини таъкидлашдан мақсад улар худо бўла олмаслигини яна бир бор таъкидлашдир. Бутун борлиқ ҳеч бир истисносиз Аллоҳга сажда қилаётгани айтилган бўлса ҳам, одамларга келганда, «кўплари» сажда қилмасликларига ишора этилмоқда. Ҳа, фақат одам боласигина Аллоҳга исён қилади. Аллоҳга сажда қилмагани учун, кофир бўлгани учун уларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар икки дунёда хордир.)
022-025 Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли ва четдан келган одамлар учун баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирамиз.
022-028 Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.
022-030 Ана шундай. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга риоя қилса, бас, бу Робби ҳузурида унинг ўзи учун яхшидир. Ва сизларга (келажакда) тиловат қилинадиганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бас, бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинг ва ёлғон сўздан йироқ бўлинг.
022-031 Аллоҳга бўлган иймондан оғманг, Унга ширк келтиргувчи бўлманг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўёки осмондан қулаб тушгану уни йиртқич қуш олиб қочган ёки уни шамол узоқ ерга учириб кетган кабидир. (Инсон иймонга эришганда, юқори мартабаларга эришган бўлади,кимки ўша юксак мартабани хоҳламай, Аллоҳга ширк келтирса, худди осмондан қулаб тушган каби бўлади.)
022-036 Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз.
022-040 Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир.
022-044 Мадян эгалари ҳам. Ва Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен кофирларга бир оз муҳлат бердим, сўнгра уларни тутдим. Бас, Менинг инкорим қандоқ бўлди?! (Албатта, ўта шиддатли бўлди. Ўта қўрқинчли бўлди. Ўша кофир, жиноятчи, Пайғамбарларини ёлғончига чиқарган қавмларнинг баъзиларини тўфон азоби тутди. Баъзиларини ер ютди, зилзила ва бошқа азобларга дучор бўлдилар.)
022-047 Улар сендан азобнинг тезроқ келишини сўрарлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун, сиз санайдиган минг йилдекдир. (Модомики кофирларга азоб юборишни ваъда қилдими, уларга Аллоҳнинг азоби, албатта, келади. Шошилмай турсинлар. Азобни қачон юборишни Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло ҳеч шошилмайди. «Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун сиз санайдиган минг йилдекдир». Шунинг учун ҳам У зот шошилмайди.)
022-052 Биз сендан илгари ҳеч бир Расул ва Набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказур. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Луғат жиҳатидан қарайдиган бўлсак «Таманний» сўзи араб тилида «олий орзу» (ажНабий тилдаги «идеал») маъносини англатади. Шунинг учун ҳам ояти карима маъносини таржима қилишда бу сўзни шу ҳолда қолдиришни раво кўрдик. Ушбу ояти каримада, бу олий орзу бошқа Расул ва Набийларда ҳам бўлганлиги, бу кўпроқ шайтон томонидан нотўғри фикр ёки ҳолатларга олиб бориши мумкинлиги, аммо Аллоҳ доимо Ўзи Пайғамбарларни бундан сақлаб келганлиги айтилмоқда. Ушбу ҳолат Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳаётларида бир неча марта кўрилган.)
022-055 Куфр келтирганлар, уларга (қиёмат) соати тўсатдан келгунича ёки қисир Кун азоби келгунича у(Қуръон)дан шубҳада бўлишда давом этурлар. (Кофирлар қиёматгача Қуръони Карим Аллоҳдан келган ҳақ эканига шубҳада бўладилар. Шунинг учун иймон келтирмайдилар. Лекин бу билан фақат ўзларига зиён қиладилар, холос.)
022-056 Ўша кунда ҳукмронлик (ёлғиз) Аллоҳгагина хосдир. У улар орасида ҳукм қилур. Бас, иймон келтирганлар ва яхши амал қилганлар нозу неъмат жаннатларидадирлар.
022-060 Иш бундоқ. Ким ўзига иқоб қилинганига ўхшаш иқоб қилсаю, сўнгра унга яна зўравонлик қилинса, Аллоҳ, албатта, унга нусрат берур. Албатта, Аллоҳ авфли ва мағфиратли зотдир. (Биров зулмга учраб, бошқа бир киши томонидан иқобга учраса, қасос олиш тариқасида ўша золимдан ўзига қилинган иқоб даражасида ўч олсаю, сўнгра унга яна тажовуз қилинса, ўша одамга Аллоҳ ёрдам беради. Чунки у зулм қилмаяпти, ҳаддидан ошмаяпти, фақат ўз ҳаққини талаб қиляпти. Бошқа томон эса, аввал ноҳақдан тажовузкорлик қилган эди. Тажовузига яраша жавоб келганида, тушуниб ўзини тийиши керак эди. Аммо у яна тажовузкорлик қилди.)
022-064 Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Албатта, Аллоҳ, Унинг Ўзигина беҳожат ва мақталган зотдир. (Аллоҳ таоло осмонлару ердаги нарсаларга эга бўлганидан, У зотнинг ҳеч бир нарсага ҳожати йўқ. Шундай ҳам мақталган, ҳамду сано эгаси бўлган зотдир. Ўзидан бошқа ёрдамчига Унинг ҳожати бўлмаганидек, бировнинг мақтовига ҳам ҳожати йўқдир.)
022-065 Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир. (Инсоф билан фикр ишлатиб қаралса, Аллоҳ таоло ер юзидаги ҳамма нарсаларни инсон фойдаси учун, унга бўйсунадиган, унга беминнат хизмат қиладиган қилиб қўйган. Ҳаводан тортиб, тошу тоққача, набототу жамодот, катта-кичик жонзотлар, ҳамма-ҳаммаси инсон учун хизматкор. Уларнинг эвазига инсондан ҳақ талаб қилинмайди.)
022-066 Сизларни тирилтирган, кейин ўлдирадиган, сўнгра (қайта) тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир. Албатта, инсон ўта ношукрдир. (Инсонга ҳаёт бериб, уни йўқдан бор қилган ким?! Албатта, Аллоҳ! Ана шу зотга шукр қилиб, Унга иймон келтириб, Унинг ибодатини қилса, бўлмасмиди?! Бу дунёда яшаб юрган инсонни ўлдирадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Ўлганларни қиёмат куни қайта тирилтирадиган, уларни сўроқ-саволга тутадиган, қилганига яраша мукофот ёки жазо берадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Шундай экан, инсон ўша кунга тайёргарлик кўрса бўлмасмиди?! «Албатта, инсон ўта ношукрдир». Шунинг учун ҳам Аллоҳга куфр келтиради. Унга исён қилади. Унинг кўрсатган йўлидан юрмайди.)
022-067 Биз ҳар бир умматга шариат берганмиз. Улар ўшанга амал қилгувчилардир. Бас, бу ишда ҳаргиз сен ила низо қилмасинлар. Роббингга даъват қил. Албатта, сен мустақийм ҳидоятдасан.
022-072 Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинаётганида, куфр келтирганларнинг юзларида инкорни кўрурсан. Улар ўзларига оятларимизни тиловат қилиб бераётганларга чанг солишга оз қолурлар. Сен уларга: «Бунингиздан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? У дўзахдир. Аллоҳ уни куфр келтирганларга ваъда қилгандир. Ва у нақадар ёмон қайтиш жойидир», деб айт.
022-073 Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди. (Бошқа катта жонзотларни қўйсинлар-у, энг кичик, энг ҳақир, энг аҳамиятсиз кўринган пашшани яратишга уриниб кўрсинлар. Ярата олмаслар. Хўш, энди бир дона пашшани ярата олмаган бутга қандай қилиб топиниш, сиғиниш, айтганини (агар айтолса,) қилиш мумкин? Асло мумкин эмас. Умуман ақлга, мантиққа тўғри келмайди. Пашша жуда заиф, ҳақир жон. Аммо, у сабаб бўлиб баъзи бир касалликларни ташиб келтирса, ҳаммаси тўпланиб, ҳаракат қилса ҳам, ўша касалликдан зарар кўраётганни ёки ўлаётганни қутқариб қололмайдилар. Буни ҳамма ҳаётда кўрган. «Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди». Яъни, Аллоҳдан ўзганинг ибодатини талаб қилувчи ҳам, ибодати талаб қилинган нарсалар ҳам ожиздирлар. Бирон нарса қўлларидан келмас.)
022-074 Улар Аллоҳнинг қадрини жойига қўймадилар. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир. (Яъни, улар ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига эътиқод қилишлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим эди. Аммо улар Аллоҳнинг қадрини билмадилар, унга ширк келтирдилар, Ундан ўзгаларга топиндилар.)
022-078 Ва Аллоҳ (йўлида) ҳақ жиҳод қилингиз. У сизларни танлаб олди. Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади. Бу отангиз Иброҳимнинг миллати. У сизларни бундан олдин ва бу(Қуръон)да Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса, одамларга гувоҳлар бўлишингиз учун мусулмонлар деб номлади. Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар. У сизнинг хожангиздир. Бас, У зот қандай ҳам яхши хожа ва қандай ҳам яхши нусрат бергувчи. (Суранинг охиридаги ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Ислом умматига нидо қилмоқда. Бу нидо мусулмонларга энг маҳбуб мурожаат билан «Эй иймон келтирганлар», деб бошламоқда. Бу нидо ўзидан кейин келадиган амрларни алоҳида кўтаринки руҳда адо этишга ундайди. Ундан кейин келаётган амрлар эса, рукуъ, сажда қилмоқликдир.)