007-006 Бас, Биз, албатта, Пайғамбар юборилганлардан ҳам ва, албатта, Пайғамбарлардан ҳам сўрармиз. (Яъни, охиратда Пайғамбар келган ҳар бир қавмдан, шахсдан: «Сизларга Пайғамбар келдими? Бизнинг амрларимизни етказдими? Сизлар нима дедингиз?» деб сўралади. Шунингдек, Пайғамбарлардан ҳам: «Амримизни умматларингизга етказдингизми? Улар сизга қандай жавоб бердилар?» деб сўралади.)
Ćумма Ла'ӓтийаннаһум Мин Байни 'Айдӥһим Ұа Мин Ҳалфиһим Ұа `Ан 'Аймӓниһим Ұа `Ан Шамӓ'илиһим ۖ Ұа Лӓ Таҗиду 'Акćараһум Шӓкирӥна
007-017 Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмссан», деди.
007-018 У зот:«Ундан мазамматга учраган ва қувилган ҳолингда чиқ!!! Улардан ким сенга эргашса, албатта, жаҳаннамни сизларнинг ҳаммангиз билан тўлдираман», деди. (Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг фаришталарни унга сажда қилишга буюргани, улар сажда қилгани, аммо ёлғиз Иблис алайҳи лаъна сажда қилмаганини зикр қилгандан сўнг, Иблис билан бу борада бўлган муколама келтирилди. Бинобарин, Иблисни жаннатдан қувиб юборди.)
007-019 Эй Одам, сен жуфтинг билан жаннатни маскан тут. Икковингиз хоҳлаган жойингиздан енг. Аммо мана бу дарахтга яқинлашманглар. Унинг сабабидан золимлардан бўлиб қолманглар.
007-026 Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар. (Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай–либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос–тақво либоси.)
007-027 Эй Одам болалари, шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз. (Шайтон инсониятнинг ота-онаси Одам ато ва Момо Ҳавони қандай фитнага солгани юқоридаги оятлардан маълум бўлди. У Одам ато ва Момо Ҳавони гуноҳга чорлаб яланғоч қилди ва жаннатдан чиқаришга муяссар бўлди. Одам болалари бу ҳодисани зинҳор унутмасликлари зарур. Акс ҳолда, шайтон уларни ҳам шармандаларча яланғочлаб, жаннатдан маҳрум этади.)
007-029 Сен:«Роббим адолатга амр қилди. Ҳар бир ибодатда юзингизни тўғри тутинг. Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг. Сизларни аввалда қандай яратган бўлса, ўша ҳолда қайтарсизлар», деб айт.
007-030 Бир гуруҳни ҳидоят қилди. Бошқа гуруҳга йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб шайтонларни ўзларига дўст тутдилар. Ҳамда ўзларини, албатта, ҳидоят топганлар, деб ҳисоблайдилар. (Ҳатто Пайғамбарлар, авлиё ва солиҳ бандалар ҳам шайтон васвасасидан саломат қолмаганлар. Аммо улар доимо яхшиликни ихтиёр қилганлари, ёмонликдан қочганликлари учун Аллоҳ ҳидоятига сазовор бўлганлар. Хатокорларни ҳам биров мажбур қилиб ёки зўрлаб йўлдан оздиргани йўқ, шайтон фитнаси шу ҳолга туширди. Икки гуруҳ ҳам Аллоҳ ҳузурига қайтадилар.)
007-031 Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас. (Ўтган ояти каримада келганидек, кийимсиз ҳолда ибодат-тавоф қилиш ёхуд жанда, ямоқ-ясқоқ кийим билан бажариш ибодат фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса, энгил-бошда ҳаддан ошиб фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, унинг паст ва табиатсиз ҳолда истеъмол қилинишини ҳам қоралайди.)
007-032 Сен:«Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. «Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир», деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қиламиз. (Ушбу оятлар эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, бу Аллоҳ амри, деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун тушгани ва бу орқали ҳамма замон кофирларига хитоб қилинаётгани бошда айтиб ўтилган эди. Яланғоч ҳолда тавоф қилиш жоиз эмаслигини тушуниб етган мусулмонлар кийим-бош билан тавоф қилишса, мушриклар уларнинг устиларидан кулишган. Шунда Аллоҳ таоло мазкур ояти каримани нозил қилган.)
007-033 «Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсани айтишни ҳаром қилган, холос», деб айт.
007-034 Ҳар бир умматнинг ажали бор. Ажаллари келган вақтида бирор соатга кетга ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар. (Дунёга келган ҳар бир шахснинг белгилик ажали бўлиб, ўша ажал келганда бу дунёни, албатта, тарк этиши ҳақиқат. Шунингдек, оламдаги ҳар бир уммат–халқ ва қавмнинг ҳам белгилик ажали бор. Бу ажал муқаррар суратда, ўз вақтида келади. Уни на бирор соат олдинга, на бирор соат ортга сура оладилар.)
007-035 Эй Одам болалари, агар сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сўзлаганда, бас, ким тақво қилса ва яхши амал қилса, уларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.
007-037 Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Ана ўшаларга китобдан насибалари етадир. Бизнинг элчиларимиз келиб уларнинг жонларини олаётиб: «Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсаларингиз қани?» дерлар. Улар: «Биздан ғоиб бўлишди», дерлар ва ўз зиёнларига, кофир бўлганларини айтиб, гувоҳлик берарлар.
007-038 У зот:«Сиздан олдин ўтган, жин ва инсдан бўлган умматлар билан дўзахга киринг», дер. Қачонки қайси бир уммат (дўзахга) кирса, шеригини лаънатлар. Бироқ у ерда ҳаммалари топишганларида, кейингилари аввалгиларини (маломат қилиб): «Эй Роббимиз, бизни анавилар адаштирган эдилар. Уларга дўзах азобини икки баробар қилиб бер», дерлар. У зот: «Ҳаммага ҳам икки баробар, лекин билмассизлар», дер. (Осий зот айнан ўз шеригига эргашиб, оқибат ушбу балойи азимга гирифтор бўлди. Шундай қилиб, бир-бирларини лаънатлаб, бирин-кетин дўзахда топишадилар: «Ҳаммалари унда топишганда эса, кейингилари аввалгиларини (маломат қилиб): «Эй Роббимиз, бизни анавилар адаштирган эдилар. Уларга дўзах азобини икки баробар қилиб бер», дерлар».)
007-040 Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз. (Уларнинг руҳлари осмонга олиб чиқилганда, эшик очилмай, аҳволлари расво бўлган эди. Энди жаннатга киришлари учун ғоят оғир шарт қўйилмоқда. Бир тарафда улкан жуссали тоғдек туя дарёдек пишқириб турибди. Иккинчи тарафда кўз илғаб-илғамай бир игна. Аммо унинг тешигини, унга нигоҳи ўткир одам яқинроқдан тикилмаса, кўрмайди ҳам. Бу баҳайбат туя ушбу кичкина тешикдан ўтса, бош устига, «анавилар» ҳам жаннатга кираверсинлар. Бу илоҳий таъбир оддийгина қилиб, абадул абад жаннатга кирмайди, дейишдан кўра юз чандон таъсирчандир. Бу ҳам уларнинг азобига азоб, жазосига жазо қўшиш учундир.)
007-042 Иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар–Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз–ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар. (Аллоҳ таоло ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. Тоқати доирасидаги амалларни бажариб жаннатга соҳиб бўлиш қандай улуғ толе! Боз устига, жаннатда абадий қолиш нечук саодат!)
007-046 Ораларида аъроф-тўсиқ бор, у деворлар устидаги кишилар ҳаммаларини сиймоларидан танирлар. Тамаъ қилган ҳолларида кирмай турган жаннат эгаларига: «Сизга салом бўлсин», деб нидо қиларлар. (Жаннат билан дўзах орасида тўсиқ бўлиб турган баланд ва кенг девор–аъроф устида одамлар бор. Бу одамлар кимлар эканлиги ҳақида уламолар ўртасида икки хил фикр мавжуд. Биринчиси: улар яхшилик ва ёмонликлари тенг келиб, на жаннатга, на дўзахга ҳукм бўлмай қолган кишилардир. Иккинчиси, ўз қавмига Пайғамбарларнинг ҳақ даъватларини етказиб, уларни яхшиликка бошлаган даъватчилар, уламолар ва шуҳадолардир. Биз иккинчи маънони ихтиёр қилдик. Чунки, аъроф–олиймақом жой, жаннатнинг ҳам устида. Унинг юзида турган одамлар халойиқни юқоридан кузатишяпти. Улар ишонч билан яхшиларга яхши, ёмонларга муносиб тарзда сўз қотмоқдалар. Жаннат эгаларини олқишлаб, дўзах аҳлини итоб қилмоқдалар. Ўзларини нима кутаётганини билолмай, қиёмат саҳнида изтироб чекиб турганлар бунга журъат эта олмайдилар. Аллоҳу аъламу бис-савоб.)
007-051 Динларини ўйин-кулги қилиб олган ва ҳаёти дунё ғурурига кетганларга», дерлар. Бас, бу Кунда улар бугунги ҳолга дучор бўлишларини унутганлари ва оятларимизни инкор қилганларидек, Биз ҳам уларни унутамиз.
007-053 Улар унинг таъвилини–оқибатини кутмоқдалар, холос. Унинг таъвили келган кунда илгари уни унутганлар: «Роббимизнинг Пайғамбарлари ҳақ ила келган эканлар. Энди бизга шафоат қилувчилар борми, шафоат қилсалар ёки ортга қайтарилсагу қилган амалларимиздан бошқача амалларни қилсак», дерлар. Батаҳқиқ, улар ўзларига зиён қилдилар ва тўқиб олган нарсалари улардан ғойиб бўлди. ( Қиёматда шафоат қилгувчиларнинг улуғи ва ишончлиси Муҳаммад (с.а.в.) эдилар. Аммо кофирлар у Зотга бу дунёда иймон келтирмадилар. У кишининг (с.а.в.) шафоатларидан умид қила олмайдилар. Қиёматда шафоат қилувчиларнинг яна бири Қуръони Карим эди. Аммо кофирлар унга ҳам иймон келтирмадилар. Демак, Қуръони Каримнинг шафоатидан ҳам умид қила олмайдилар. Қиёматда шафоат қилувчи воситалардан бири иймон эди, иймонлари йўқ. Имкони бўлса эди, улар бу дунёга қайтиб, аввал қилган гуноҳларини такрорламай, иймон ва ихлос билан яшашга жон деб кўнардилар. Балки бирдан-бир орзулари шудир. Аммо бунинг сира ҳам иложи йўқ.)
007-054 Албатта осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршни эгаллаган Роббингиз кеча ила кундузни қоплайдир. Уни шошилиб қувлайдир. Қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган қилиб яратди. Огоҳ бўлинг, яратиш ва амр қилиш унинг Ўзига хосдир. Оламларнинг Робби–Аллоҳ буюкдир. (Ислом ақидасига кўра, Аллоҳ таоло ўхшаши йўқ Зотдир. Ким уни бирор нарсага қиёслашга уринса, кофир бўлади. Нега, нима учун, деб сўраш ҳам мумкин эмас. Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратгани ҳақ. Аммо қандай усулда яратганини билмаймиз. Уларни олти кунда бунёд этганлиги ҳам ҳақ. Аммо бу кунлар қандай кунлар эканини билмаймиз. Билишга имконимиз йўқ. Бу кунлар ҳам Аллоҳ таолонинг ўзига хос бўлган кунлардир. Аллоҳ таоло аршни эгаллагани, ҳам ҳақ. Аммо қандай, нечук эгаллаш эканини билмаймиз. Бу ҳақда сўраб-суриштирмаймиз ҳам. Ўтган салафи солиҳларимиз бундай масалаларни қўзиганларни бидъатчи, бузғунчи, фитнакаш, деб атаганлар ва баъзиларини жазолашга ҳукм қилганлар.)
007-057 У Ўз раҳматидан олдин шамолларни хушхабар қилиб юборадиган Зотдир. Қачонки, улар оғир булутларни кўтариб келтиргач, у ила ўлик юртни суғорамиз. Ундан сув тушириб, ўша ила турли мевалар чиқарамиз. Ўликларни ҳам шундай қилиб чиқарамиз. Шоядки эсласангизлар.
007-058 Пок юртнинг набототи Роббининг изни ила чиқадир. Нопок бўлгани эса, фақат қийинчилик ила чиқадир. Шукр келтирган қавмлар учун оятларимизни шундай хилма-хил баён қилурмиз. (Юқоридаги оятда бўлгани каби, ушбу ояти каримада ҳам жуда катта ва нозик қиёс бор. Қуръони Карим оятларида, Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ҳадиси шарифларида пок ва саҳий қалб тоза ва сермаҳсул ерга–тупроққа қиёс этилади. Нопок ва ифлос қалб эса, ғажд ва маҳсулсиз ерга ўхшатилади. Покиза заминдан яхши маҳсуллар етишиб чиққанидек, пок ва саҳий қалбда ҳам иймон, ихлос, етук мафкура ва эзгу ниятлар яшайди. Уларнинг меваси Аллоҳ рози бўладиган амаллардангина иборат бўлади. Нопок ва нобоп ердан бир ҳосилнинг униб чиқиши машаққат бўлганидек, нопок қалбдан ҳам яхшилик чиқиши қийин. Чиркин қалбдан чиқса ҳам, фақат ёмонлик чиқади.)
007-060 Унинг қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда эканингни кўряпмиз», дедилар. (Ҳар бир қавмнинг ўз зодагонлари бўлади. Уларни зодагон қилган уларнинг мол-дунёси, пули, куч-қудрати, маккорлиги ва устамонлиги бўлади. Бу зотлар қавм номидан гапириш ҳаққини ўзларига ўзлари берганлар. Шу тоифа зодагонлар Нуҳ (а.с.) қавмларида ҳам бор эди.)
007-063 Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириш учун ва тақво қилиб, шояд раҳматга эришсангиз деб Роббингиздан эслатма келганидан ажабланасизларми?!» деди.
007-064 Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Сўнг Биз уни ва у билан бирга бўлганларни кемада қутқардик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ қилдик. Чунки улар кўр қавм эдилар.
007-066 Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Албатта, биз сени эси пастликда кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан деб биламиз», дедилар.
007-069 Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?! Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг. Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, нажот топсангиз», деди. (Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини оғир гуноҳлари туфайли ер юзидан гумдон қилиб ташлаган эди. Худди шу осий қавмдан сўнг сизларни ер юзида ўзининг халифаси қилиб танлади. Бу–улуғ неъмат. Бунга, албатта, шукр қилиш лозим эди. Аммо Од қавми ҳам жаҳолатида қаттиқ туриб олди.)
007-071 У:«Батаҳқиқ, устингизга Роббингиз томонидан азоб ва ғазаб тушди. Мен билан Аллоҳ ҳеч бир ҳужжат туширмаган, ўзингиз ва ота боболарингиз қўйиб олган номлар ҳақида тортишасизларми?! Бас, интизор бўлиб туринглар! Мен ҳам сизлар билан интизор бўлувчиларданман», деди.
007-072 Бас, унга ва у билан бирга бўлганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларнинг кетларини уздик. Улар мўмин эмас эдилар. (Мазкур баҳснинг оқибатида Биз Ҳудга (а.с.) ва у зот билан бўлган мўминларга нажот бердик. Улар Аллоҳ юборган бало-офатлардан омонда бўлдилар. Яъни, батамом ҳалокатга гирифтор қилдик. Уларнинг Муғайс деб аталгувчи водийлари узра узоқ муддат давом этган қурғоқчиликдан сўнг бир булут намоён бўлди. Од қавми, мана шу келаётган булут бизга ёмғир ёғади, деб шод бўлишди. Аммо орзиқиб кутилган булут етиб келганида ундан қаттиқ шамол уфурилиб, барчаларини ҳалок қилди. Улардан бирортаси омон қолмай, «кетлари узулди».)
007-073 Ва Самудга ўз биродари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Сизга Роббингиздан ҳужжат келди. Мана бу Аллоҳнинг туяси сизларга оят-белгидир. Уни Аллоҳнинг ерида тек қўйинглар. Унга ёмонлик етказманглар. Яна сизни аламли азоб тутмасин-а! (Бошқа сураларда баён қилинишича, Самуд қавми Солиҳдан (а.с.) Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи оят-белги келтиришни талаб қилганларида, Аллоҳ таоло катта харсанг тошдан бир туяни чиқарган. Шунинг учун ҳам у «Аллоҳнинг туяси» деб аталмоқда. Самуд қавмидан баъзи шахслар бу мўъжизавий туяни кўриб иймон келтирдилар. Туя яйловда ўтлаб юраверди. Сувдан истифода қилиш эса, навбатли бўлди. Чунончи, сувни бир кун туя, бир кун Самуд қавми истеъмол этар эдилар.)
007-075 Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар, заифҳол бўлганлардан иймон келтирганларига: «Солиҳни Роббидан Пайғамбар қилиб юборилган, деб билмоқдамисиз?!» дедилар. Улар: «Албатта, биз у ила юборилган нарсага иймон келтирувчилармиз» дедилар.
007-081 Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деганини эсла. (Лут (а.с.) қиссаларида, у зот дафъатан ўз қавмларининг улкан қабиҳ ишлари–баччабозликларини қоралашга бошлайдилар. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Аллоҳ таоло инсон зотини жинсий яқинлик йўли билан яратиб, унинг насли покиза йўл билан кўпайиб туришини ирода ва ҳаётий зарурат қилди. Бу йўлдан тажовуз қилганлар ва Аллоҳ иродасига зид бориб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қиладиганлар ақидаси бузуқ ва тубан кишилар ҳисобланадилар. Шу боисдан мазкур қиссада худди шу фоҳишалик бош масала қилиб кўтарилади. Бинобарин, Лут (а.с.) бу ёруғ оламда ҳеч бир зот қилмаган улкан гуноҳга биринчи бўлиб қўл урган қавмларини: «Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деб таърифламоқдалар.)
007-082 Қавмнинг жавоби: «Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, чунки улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан», дейишларидан бошқа нарса бўлмади. (Инсофни кўринг. Инсон табиатига мувофиқ иш қилган, ҳалолу пок бўлиб, бошқаларни покизаликка чақирган кишилар юртларидан ихрож қилинар эканлар. Уларнинг «айблари» битта–жуда ҳам покиза одам бўлганликлари. Инсонийлик қиёфасини йўқотган қавм шу даражага етар экан-да. Ўзлари инсоният бўйнига тавқи лаънат бўлиб осиладиган амалларни тап тортмай қилаётганлари етмаганидек, уларга ўхшашни хоҳламаган, инсонлигини йўқотмаган, Аллоҳнинг амрида юришга ҳаракат қилганларни покизаликда айблайдилар.)
007-083 Бас, унга ва аҳлига нажот бердик. Магар хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлди. (Пайғамбарга фақат унинг оила аъзоларигина иймон келтирдилар. Аммо уларнинг орасидан ҳам энг яқин кишиси–хотини иймон келтирмади. Оқибатда у жинояткор қавмга қўшилиб ҳалок бўлди.)
007-084 Ва Биз уларнинг устидан «ёмғир» ёғдирдик. Жинояткорларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол! (Аллоҳ таоло уларнинг устидан тош селини ёғдирди ва барчалари ҳалок бўлдилар. )
007-085 Ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозуни тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларидан камитиб қолманг ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, шундай қилмоғингиз ўзингиз учун яхшидир.
007-086 Ҳар кўчада ўтириб олиб қўрқитманг. Аллоҳнинг йўлидан Унга иймон келтирганларни тўсманг ва у(йўл)ни эгри бўлишини истаманг. Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг.
007-087 Агар сиздан бир тоифа мен ила юборилган нарсага иймон келтирган ва бошқа тоифа иймон келтирмаган бўлса, бас, Аллоҳ орамизда ҳукм қилгунча сабр қилинглар. У ҳукм қилувчиларнинг яхшисидир», деди. (Аллоҳ таоло ушбу ояти карималарда аввало Шуайбни (а.с.) Мадянга Пайғамбар қилиб юборганини, кейин эса, у кишининг ўз қавмларига қилган пандларини келтирмоқда. Мадянликлар ҳам асли араблар бўлиб, уларнинг ерлари Ақаба қўлтиғидан Тури Синога қадар чўзилган.Шуайбнинг (а.с.) қавми кўпроқ амалий ширкка мубтало бўлганга ўхшайди. Чунки муомала ишларида Аллоҳнинг буйруғини адо этмай, бошқанинг амрини бажаришдан, ўлчов ва тарозудан уриб қолиб, бировларнинг ҳаққини ейишдан қайтаришлари шунга далолат қилмоқда. Бу ва бу каби, Аллоҳ йўриқларини четлаб, бошқа йўлга юриш Аллоҳ таоло ер юзини ислоҳ қилиб қўйганидан кейин уни бузишдан иборат эканига ишора этиб: «ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг», демоқдалар.)
007-088 Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар: «Эй Шуайб, ёки, албатта, сени ва сен билан бирга иймон келтирганларни ўз қишлоғимиздан чиқарамиз, ёки ўз миллатимизга қайтасизлар», дедилар. У: «Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?!
007-089 Агар сизнинг миллатингизга Аллоҳ бизга ундан нажот бергандан сўнг қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз. Биз учун унга қайтиш мутлақо мумкин эмас, магар Роббимиз–Аллоҳ хоҳласагина (мумкин). Роббимиз ҳамма нарсани ўз илми ила қамраб олгандир. Аллоҳга таваккал қилдик. Эй Роббимиз, биз билан қавмимизнинг орамизни ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан», деди. (Яъни, биз учун ширк ва куфр миллатига, яъни, ортга қайтиш мутлақо мумкин эмас. Биз иймон келтирдик ва унинг лаззатини татиб кўрдик. Энди ёлғиз, бир ҳолатдагина–Аллоҳ бизни адаштиришни ирода қилсагина, ортга қайтишимиз мумкин. Зеро, Унинг иродасига ҳеч қачон бас келиб бўлмайди. Келажакда қилажак жамики амалларимизни ҳам унинг Ўзига топширдик. Биз фақат Аллоҳга суянамиз. Сизнинг таҳдид ва зўрлигингиз, сохта худоларингиздан заррача ҳайиқмаймиз, уларга эътибор бермаймиз ҳам. Шу йўл билан ишни ўзининг ҳақиқий эгаси ҳукмига ҳавола қилиб, иймон ва куфр ўртасида ҳукм чиқарувчи ҳокими мутлаққа мурожаат этдилар.)
007-092 Шуайбни ёлғончига чиқарганлар худди у ерда яшамагандек бўлдилар. Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, ўшалар зиён кўрувчилар бўлдилар.(Яъни, мазкур шиддатли зилзиладан кейин Шуайбга (а.с.) мухолиф бўлган кофирлар ҳалок бўлиб, батамом гумдон бўлиб кетдилар.)
007-093 Кейин У улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг юборганларини етказган эдим ҳамда сизга насиҳат қилган эдим. Қандай қилиб кофир қавмларга қайғурай», деди.
007-095 Сўнгра ёмонликни яхшиликга алмаштирганмиз. Токи кўпайишиб ва «ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», деганларида, уларни ўзларига сездирмай тўсатдан тутганмиз. (Вақт-соати келиб Аллоҳ таоло мазкур ёмон ҳолатларни яхшилик ҳолатларга алмаштириб қўяди. Одамлар бу яхши ҳолларда янада кўпайишади. Аммо бу зиёдалик ҳам улар учун синов эканлигини англаб етмайдилар. Аллоҳ уларни шукр қилармикин, деб яхши ҳолатларга солганини билмайдилар.)
007-096 Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик. (Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин.)
007-100 Ерга унинг аҳлидан кейин меросхўр бўлганларга, агар хоҳласак, гуноҳлари туфайли уларга мусибат етказишимиз ва қалбларига муҳр босиб, эшитмайдиган қилиб қўйишимиз аён бўлмадими?!
007-101 Биз сенга ана ўша қишлоқларнинг хабарларини қисқа қилиб айтиб бермоқдамиз. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Аммо улар олдин ёлғонга чиқарган нарсаларига иймон келтирмадилар. Аллоҳ шундай қилиб кофирлар қалбига муҳр босди.
007-102 Уларнинг кўпларида аҳдга вафо кўрмадик. Агар уларнинг кўпларини топсак ҳам, фосиқликда топдик. (Яъни, улар субутсиз кимсалар бўлиб, аҳдга ҳеч вафо қилмасдилар. Бу қавмнинг аксари қисми фақат фосиқлик билан машғул эди. Фосиқликнинг маъноси Аллоҳ чизиб кўрсатган чегарадан чиқишдир. Яъни, улар Аллоҳ кўрсатган йўлдан озган кимсалар сирасидан эдилар.)
007-103 Сўнгра уларнинг ортидан Мусони Ўз оятларимиз ила Фиръавн ва унинг зодагонларига юбордик. Бас, у(оят)ларга зулм қилдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол.
007-105 Менга Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтмаслик лозимдир. Батаҳқиқ, мен сизларга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат келтирдим. Мен ила Бани Исроилни қўйиб юбор», деди. (Фиръавн Бани Исроилни қул-банда қилиб олган ва уларга Робб эканига шубҳаланмас эди. Мусо (а.с.) унга ҳақиқий Робб Аллоҳ эканини тушунтириб, Бани Исроилни озод қилиш ўша ягона Аллоҳнинг–ҳақиқий Роббнинг амри ни изҳор этдилар.)
007-108 Ва қўлини чиқарган эди... баногоҳ у назар солувчиларга оппоқ бўлиб кўринди. (Аслида, Мусо (а.с.) буғдойранг тусда эдилар. Фиръавн мўъжиза кўрсатишни талаб қилганда қўлларини қўлтиқларидан чиқарган заҳоти оппоқ тусда намоён бўлди.)
007-112 Ҳамма билимдон сеҳргарларни сенга олиб келсинлар», дедилар. (Мусо ва акаси Ҳорунни қўйиб тургин-да, барча шаҳарларга одам юбор, улар бор билимдон сеҳргарларни тўплаб келсинлар.)
007-117 Биз Мусога: «Асонгни ташла», деб ваҳий юбордик. Бирдан у улар уйдираётган нарсани юта бошлади. (Уста сеҳргарларнинг кўзбўямачилиги тўпланганларни даҳшатга солиб қўйган эди. Мусо (а.с.) ҳам кўпчилик билан бирга содир бўлаётган воқеани кузатиб турар эдилар. Аллоҳ у зотга «Асонгни ташла», деб ваҳий юборди. Мусо (а.с.) ерга асони ташладилар. Асо аждарга айланди ва бирдан сеҳргарлар намойиш этаётган уйдирма–кўзбўямачиликларни юта бошлади.)
007-122 Мусо ва Ҳоруннинг Роббига иймон келтирдик», дедилар. (Не боисдан сеҳргарлар биринчи бўлиб иймон келтирдилар? Чунки улар Мусо (а.с.) келтирган нарса сеҳр эмас, ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканини ҳаммадан бурун англаб етдилар. Сеҳргарларга ҳақиқат биринчи бўлиб етиб борди. Виждонлари уйғонди ва қалбларини иймон нури ёритди. Улар Аллоҳга сажда қилиш учун ўзларини ерга ташладилар.)
007-123 Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз.
Ла'уқаҭҭи`анна 'Айдийакум Ұа 'Арҗулакум Мин Ҳилӓфин Ćумма Ла'уҫаллибаннакум 'Аҗма`ӥна
007-124 Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди. (Бу ҳам барча фиръавнларга хос хусусият. Улар ўзларига қул бўлган фуқароларнинг ҳатто Аллоҳга иймон келтиришни ҳам ундан сўраб, илтижоланиб, адо этишларини хоҳлайдилар. Барча давр фиръавнларининг мўминларга қарши қўллайдиган услуби шу: қадимда қўл-оёқларини кесиб, осишган; ҳозирда қамайдилар, азоблайдилар, отадилар. Аммо уларнинг бу усуллари иймон нури билан чароғон бўлган қалбларга заррача қўрқинч сола олмайди.)
007-127 Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Сени ва худоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?» дедилар. У: «Ўғилларини ўлдирамиз ва аёлларини тирик қолдирамиз ва, албатта, биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз», деди.
007-128 Мусо ўз қавмига: «Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва сабр қилинглар. Ер Аллоҳники, уни бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мерос қилиб беради. Ва оқибат тақводорларникидир», деди.
007-129 Улар: «Сен бизга келмасингдан олдин ҳам, келганингдан кейин ҳам озор тортдик», дедилар. У: «Шоядки Роббингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни ер юзига халифа қилиб, қандай амал қилишингизга назар солса», деди. (Қавм Пайғамбарига таъна қилди. Сен келмасингдан бурун ҳам озор тортар эдик, ўшанда ҳам ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдирар эдилар, сен келганингдан кейин ҳам бари бир озор топмоқдамиз. Уларнинг фикрича, Пайғамбар келиши ҳамоно ҳамма нарса уларнинг фойдасига ҳал бўлиб қолиши керак экан. Улар Пайғамбар шахсига таъна қилмоқдалар. Аммо нега ўзларига назар солмайдилар? Ўзлари нималар қилдилар? Иймон келтирдиларми? Иймон тақозо этган бирор-бир ишни қилдиларми?)
007-131 Улар ўзларига яхшилик етганда: «Бунга биз ҳақдормиз», дедилар. Агар уларга ёмонлик етса, Мусо ва у билан бирга бўлганлардан шумландилар. Огоҳ бўлсинларким, уларнинг шумликлари Аллоҳнинг ҳузуридан бошқа жойда эмас. Лекин кўплари билмайдилар.
007-137 Ва хўрланиб юрган қавмни эса, Ўзимиз баракали қилган ернинг машриқию мағрибига меросхўр қилдик. Сабр қилганлари учун Роббингнинг гўзал сўзлари Бани Исроилга батамом бўлди. Фиръавн ва унинг қавми қурган нарсаларни ва улар юксалтирган нарсаларни вайрон қилдик. (Оятдаги «хўрланиб юрган қавм»дан мурод Бани Исроилдир. Фиръавн ва унинг аҳли Бани Исроил ўғлонларини ўлдириб, қизларини чўри, ўзларини хизматкор қилиб, мудом хўрлашар эдилар. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини улкан жиноятлари боисидан ғарқ этиб, ҳалок қилганидан сўнг, «хўрланиб юрган қавм»ни Ўзи баракали қилиб қўйган ернинг машриқ ва мағрибига меросхўр қилганини эслатмоқда. Энди улар хорликдан қутулиб, озод ва фаровон турмуш кечириш имконига эга бўлдилар.)
007-138 Ва Бани Исроилни денгиздан олиб ўтдик. Бас, улар ўз санамларига берилиб сиғинаётган қавм устига келдилар. Улар:«Эй Мусо, бизга ҳам худди уларнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер», дедилар. У: «Албатта, сиз жоҳил қавм бўлаётибсиз.
007-139 Ахир, анавилар этиб турган нарса ҳалокатдир ва қилаётган ишлари ботилдир», деди. (Аслида, уларни Фиръавн ва унинг аҳлининг узоқ муддатли эзишидан, хўрлашидан халос этган Аллоҳга шукр айлаб, ёлғиз Унгагина ибодат қилишлари керак эди. Аслида, уларни даҳшатли азоб-уқубатлардан Аллоҳнинг амри ва ёрдами ила фидокорлик қилиб қутқазиб олиб чиққан Пайғамбарлари Мусонинг (а.с.) маслаҳатисиз ҳеч бир иш қилмасликлари лозим эди. Лекин улар бир золим бутпараст қавмни йўл-йўлакай кўриб қолиб, уларга ҳавас қиляптилар.)
007-140 У:«Сизларга Аллоҳдан ўзгани худо қилиб берайми?! Ҳолбуки, У сизларни оламлардан афзал қилган зот-ку!» деди. ( Аллоҳ таоло уларга Пайғамбар юбориб, илоҳий китоб нозил қилса, шариат бериб, ўз замонасидаги одамлардан афзал этиб қўйса-ю, улар ўз Пайғамбарларига, бизга ҳам анави қавмнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер, деб туришса. Бу ғоят даражада ношукрлик ва ўтакетган шаккоклик эди)
007-142 Ва Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса, уни ўн (кеча) билан тугал қилдик. Бас, Роббининг белгилаган вақти тўлиқ қирқ кеча бўлди. Мусо акаси Ҳорунга: «Қавмимда менинг ўрнимни ол, яхши иш қил, бузғунчиларнинг йўлига эргашма», деди.
007-143 Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, сенга назар солай», деди. У зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди. (Башар фарзанди тарихидаги тенги ва ўхшаши йўқ ҳодиса. Робб ила банданинг учрашуви. Бутун оламларни яратган Зот билан ўша оламларнинг кичик бир заррасининг юзлашуви. Бу учрашув тафсилотини ва қандай ҳолда рўй берганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, Қуръонда зикр этилгани билан кифояланамиз, холос. Эҳтимол ушбу учрашув келажакдаги машаққатларни енгиб ўтиш учун Мусога (а.с.) қувват ва сабот манбаи бўлар. Эҳтимол шунинг учун учрашувдан бурун қирқ кун ҳамма нарсани тарк этиб, чилла ўтириб алоҳида ҳозирлик кўрилгандир. Вақти-соати етиб, учрашув ўз вақтида, белгиланган жойда содир бўлди. Бу учрашув араб лафзида «мийқот», яъни, исми замон ва исми макон бўлиб ва учрашув вақти ва замони маъносини билдиради.)
007-144 У зот:«Эй Мусо, Мен сени одамлар ичидан Пайғамбарлигим ва гаплашишим ила танлаб олдим. Бас, сенга берган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!» деди.
007-145 Ва унга лавҳларда ҳамма нарсадан мавъиза ва ҳар бир нарсанинг тафсилотини ёзиб бердик. «Бас, уларни қувват ила тут ва аҳлингга буюр, уларнинг энг яхшиларини олсинлар. Энди сизларга фосиқларнинг диёрини кўрсатаман», дедик. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган «лавҳлар» ҳақида тафсир уламолари кўплаб маълумотлар келтиришган, кўплаб баҳс мунозара қилишган. Аммо кейинги даврдаги муҳаққиқ тафсирчи олимларимиз, маълумотларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбалардан олинмаганлиги учун улар ҳақида тортишувнинг ҳожати йўқ, деган хулосага келганлар. Биз учун «лавҳлар» нимадан иборатлиги, қайси моддадан бўлгани, шакли ёки ҳажми аҳамиятсиз, балки уларга ёзилган маънолар аҳамиятлидир, дейди муфассирлар.)
007-146 Энди ер юзида ноҳақдан мутакаббирлик қилаётганларни, барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаётганларни, тўғрилик йўлини кўрсалар ҳам, уни ўзларига йўл тутмаётганларни, агар адашув йўлини кўрсалар, уни ўзларига йўл тутаётганларни Ўз оятларимдан бураман. Бундай бўлиши уларнинг оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлишлари сабабидандир.
007-150 Қачонки Мусо ўз қавмига ғазабланган ва афсус қилган ҳолида қайтганида: «Менинг кетимдан қандай ҳам ёмон халифа бўлдингиз. Роббингизнинг амридан (олдин) шошилдингизми?!» деди ва лавҳларни ташлаб, акасининг бошидан тутиб, ўзига торта бошлади. У (Ҳорун): «Эй онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди. Энди сен душманларни устимдан кулдирмагин ва мени ҳам золим қавмлардан деб билмагин», деди. ( Дарғазаб бўлган укадан бу тасарруфни кўрган Ҳорун (а.с.) уни бир оз ҳовридан тушириш учун ораларидаги ака-укалик ҳурматини эслатиб: «Эй онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди», дедилар.)
007-154 Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, лавҳларни олди. Уларнинг нусхасида Роббиларидан ҳақиқатда қўрқадиганлар учун ҳидоят ва раҳмат бор эди. (Ҳоруннинг гапидан кейин бир оз ўзига келиб, Аллоҳдан мағфират сўраб, унинг раҳматидан умидворликларини билдирганларидан сўнг, Мусонинг (а.с.) ғазаблари босилди. Шунда ерга қўйган лавҳларни қўлларига олдилар. Бу лавҳларда Аллоҳ таолодан ҳақиқатда қўрқадиган одамлар учун катта ҳидоят ва улкан раҳматлар борлиги ёзилган эди)
007-155 Ва Мусо мийқотимизга қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Уларни даҳшатли зилзила тутган пайтда: «Эй Роббим, агар хоҳласанг, буларни ҳам, мени ҳам бундан олдин ҳалок қилсанг бўларди. Эсипастларимиз қилган иш туфайли бизни ҳалок қиласанми? Бу Сенинг синовингдан бошқа нарса эмас. У ила кимни хоҳласанг, адаштирасан ва кимни хоҳласанг, ҳидоятга соласан. Сен валиймизсан, бас, бизни мағфират қил ва раҳм эт. Сенинг Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан. (Бани Исроил тилладан ясалган бузоқ ҳайкалига ибодат қилиб, улкан гуноҳ содир этганлари, кейин афсус билан тавба қилганлари учун Аллоҳ таоло Мусога (а.с.) улардан етмиш кишини Ўз мийқотига олиб келишни амр қилган эди. Мусо (а.с.) Бани Исроилнинг ўн икки уруғидан, бузоққа ибодат қилмаган етмиш кишини танлаб, Аллоҳнинг мийқотига олиб бордилар. Улар эса Мусога (а.с.), бизга худонинг Ўзини кўрсат, деб туриб олдилар.Ҳаттоки улар орасидан танлаб олинганларнинг қилмиши шу бўлди. Бундай шаккоклик содир этганларидан сўнг, уларни даҳшатли зилзила тутиб, ўзларидан кетдилар.)
007-157 Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий, Набий, Пайғамбарга эргашадилар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар–ана ўшалар нажот топгувчилардир», деди. (Аллоҳдан гуноҳларини кечишини сўраганларидан сўнг, у зот икки дунёнинг яхшилигини ҳам сўрадилар. Фақат охиратнинггина эмас, бу дунё ва у дунёнинг яхшиликларини сўрадилар. Бу ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Мусо (а.с.) танлаб олинган етмиш нафар номидан қилган илтижолари охирида «Биз сенга тавба қилдик», дедилар. Муҳаммаднинг (с.а.в.) сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо (а.с.) билан бирга мийқотга келган Бани Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак Пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммадни (с.а.в.) кўришлари билан иймонга келдилар.)
007-158 Сен:«Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз», деб айт. (Бурунги Пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги Пайғамбар келгунча бўлган даврга Пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга Пайғамбар бўлиб келдилар. У кишининг шариатлари вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Муҳамадга (с.а.в.) бутун инсониятга қарата, мен барчангизга Пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.)
007-160 Уларни ўн икки уруғ–жамоага бўлиб юбордик. Ва қавми ундан сув талаб қилган пайтда Мусога: «Асонг ила тошни ур!» деб ваҳий юбордик. У(тош)дан ўн иккита булоқ отилиб чиқди. Ҳамма одамлар ўз сувхонасини билди. Ва уларга булутни соябон қилдик, манн ва беданаларни нозил қилдик. «Сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар» (дедик). Улар бизга зулм қилмадилар. Лекин ўзларига зулм қилар эдилар. (Маълумки, Исроил лақабини олган Яъқубнинг (а.с.) ўн иккита ўғиллари бор эди. Аллоҳ ана ўша ўн иккита ўғилдан тарқалган фарзандларнинг ҳар бирини бир жамоа–қабила қилиб қўйди.Саҳрода сув билан таъминлашнинг устига, Бани Исроил бошида булутни соябон бўлиб сузиб юрадиган қилиб қўйди. Улар қаерга бормасинлар, бошлари узра булут соя солиб турар эди. Таом сифатида осмондан манн (асалли ҳалво) ва бедана гўштини ҳозир қилиб қўйди)
007-162 Бас, улардан зулм қилганлари уларга айтилгандан ўзга гапни алмаштирдилар. Бас, зулм қилганлари туфайли устларига осмондан азоб юбордик. (Улардан зулм қилганлари айтишлари лозим бўлган «Ҳиттатун» деган иборани, «Ҳинтатун», яъни, «буғдой» деган сўзга алмаштирдилар ва шаҳарга сажда қилган ҳолларида эмас, ортлари билан сурилиб кирдилар. Ана шу итоатсизлик ва зулмлари учун Аллоҳ таоло уларнинг устидан азоб туширди.)
007-163 Улардан денгиз соҳилида бўлган қишлоқ ҳақида, шанба кунида ҳаддан ошганлари, шанбалик кунларида балиқлари очиқ келиб, шанбалик қилмаган кунлари келмагани ҳақида сўра. Қилган фосиқликлари туфайли уларни шундай синаймиз. (Оятдаги бу хитоб Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с.а.в.) қаратилгандир. Аллоҳ ул зотга яҳудийлардан уларнинг тарихида бўлиб ўтган машҳур воқеа ҳақида сўрашга амр қилмоқда. Бани Исроилнинг талабларига биноан ҳафтанинг шанба куни улар учун байрам, дам олиш куни қилиб белгиланди. Бу куни уларга ишлаш ва тирикчиликка уриниш ҳаром қилинди. Соҳил бўйидаги мазкур қишлоқда яҳудийлар учун катта синов бўлди. Шанба куни балиқлар соҳилга келиб очиқ-ойдин кўриниб, кўзларини ўйнатиб юрар эди. Шанба кунидан бошқа куни эса ҳеч бир балиқ кўринмасди. Шунда Бани Исроилдан баъзилари чидаб тура олмай ман қилинган амрни буздилар. Ривоятларда келишича, улар шанба куни алоҳида тўсиқлар ташлаб, соҳилга келган балиқларни қайтиб кета олмайдиган қилиб қўйишар ва якшанба куни йиғиб олишар, шу билан бирга, биз Аллоҳнинг амрини бузганимиз йўқ, шанба куни дам олдик, ов қилганимиз йўқ, дер эдилар.)
007-164 Улардан бир жамоат: «Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!» деганида, улар, Роббингизга узр бўлиши учун ва шоядки тақво қилсалар деб, дедилар. (Яъни, Аллоҳ олдидаги бурчимизни адо этдик. Охират куни Аллоҳ сўраб қолса, узр бўлиши учун уларга насиҳат қилдик ва яна шоядки насиҳат таъсир этиб, тақво қилиб қолсалар, деган умидимиз бор эди, дедилар.)
007-168 Ва уларни ер юзида жамоатларга бўлиб юбордик. Улардан аҳли солиҳлари бор ва улардан ундай эмаслари ҳам бор. Шоядки қайтсалар, деб уларни яхшиликлар ва ёмонликлар ила синадик.
007-169 Бас, улардан сўнг, ортларидан китобни меросга олган бир ўринбосарлар келдики, улар мана бу тубаннинг ўткинчи (матоҳи)ни оларлар ва «бизни кечирилади», дерлар. Агар ўшанга ўхшаш ўткинчи нарса келса, яна олаверадилар. Улардан Аллоҳга нисбатан фақат ҳақдан бошқа нарса айтмасликка Китобнинг аҳду паймони олинган эмасмиди?! Улар у(китоб)даги нарсаларни ўрганганлар-ку?! Охират ҳовлиси тақво қилганлар учун яхшидир. Ақл ишлатмайсизларми?! (Аслида, Аллоҳ гуноҳни билмай қилиб қўйиб, тавба-надомат чеккан, қайта унга яқинлашмаганларнигина кечиради. Аммо билиб туриб гуноҳ қилгач, тавба қилмайдиган, ўзларича «бизни кечирилади», деб ҳукм чиқариб, яна гуноҳ қилаверадиганлар Аллоҳга нисбатан фақат ҳақдан бошқа нарса айтмасликка Китобнинг аҳд-паймонини олган эмасмидилар?! Аллоҳ Тавротда Бани Исроилга буни таъкидлаб айтган эди.)
007-175 Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб бер! (Ушбу ояти каримада зикр қилинган шахс ким экани хусусида мўътабар тафсир китобларимизда кўп сонли турли-туман ривоятлар бор. Шунинг ўзи ҳам бу оят муайян бир шахсга хос бўлмай, балки маълум бир тоифа одамларга хос эканини кўрсатиб турибди. Ояти каримада «оятларимизни берганимизда», дейилишига кўра, у одам диний илмдан огоҳ экани кўриниб турибди. Демак, у одамга Аллоҳ таоло диний илмларни эгаллашга имкон берган, аммо у (Аллоҳ) оятларидан ўзини олиб қочган, яъни, илмига амал қилмаган. Шу туфайли, «уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган».)
007-176 Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар.
007-179 Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар.
007-180 Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша(исм)лар ила дуо қилинг ва Унинг исмларидан оғадиганларни тек қўйинг. Яқинда қилган амалларига яраша жазоланурлар. (Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим. Имоми Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта, бир кам юзта исми бордир. Ким уларни санаб чиқса, жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради», деганлар.)
007-187 Сендан (қиёмат) соати қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар.(Kиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Лекин мушриклар Пайғамбаримизни (с.а.в.) синаш, ул зотни хижолат қилиш учун, қиёмат қачон бўлади, деб сўроқ қиладилар. Қиёматнинг қачон бўлиш илми Аллоҳнинг Ўзига хос илмидир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммадга (с.а.в.) ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса айб эмас.)
007-188 Ўзим учун на фойда ва на зарарга молик эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Агар ғайбни билганимда яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмасди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман, холос», деб айт.
007-189 У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилдилар.
007-190 Уларга солиҳ (фарзанд)ни берганида эса, Аллоҳ берган нарсада Унга шериклар қила бошладилар. Аллоҳ улар келтирган ширкдан олийдир. (Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда одамлар ўз болаларини баъзи бутларга назр қилардилар. Уларга шундай маъноларни акс эттирадиган исмларни қўяр эдилар. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар учраб туради. Болага турли мақсадлар асосида ном қўйиш ёхуд фақат шу жиҳатларга эътибор бериш, тарбиясини ҳам ушбу ҳолатга мослаб қилиш кенг тарқалган. Жоҳил инсонлар аҳволлари оғир пайтларда Аллоҳга ёлборганлари, боламизни соғ-саломат қўлимизга олсак, Аллоҳга шукр қиламиз, деб берган аҳду паймонларини унутиб, бошқа турли-туман ширк йўлидаги орзу-ҳавасларга берилиб кетадилар. Натижада Аллоҳ берган неъмат–фарзандда ўша ғалат орзу ҳаваслар камол топиши учун ҳаракат қиладилар. Бу нарса Қуръони Каримда ширк деб номланмоқда.)
007-191 Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, ўзлари яратиладиган нарсаларни ширк келтирадиларми? (Ота-оналар ёхуд ўша боланинг камолотига дахлдор барча кишилар Аллоҳга шерик қиладиган нарсалари нима бўлишидан қатъи назар, ҳеч нарсани ярата олмайдилар. Балки уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қудрат қўли билан яратилгандирлар. Шундай экан, қандай қилиб уларни Аллоҳга ширк килиш мумкин?)
007-192 Ва уларга ёрдам беришга қодир эмаслар ҳамда ўзларига ҳам ёрдам бера олмаслар. (Яъни, Аллоҳга ширк қилиб келтирилаётган ўша нарсалари бировга ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто ўзига ҳам ёрдам беришга қодир эмас.)
007-200 Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У яхши эшитувчи ва яхши кўрувчи Зотдир. (Яъни, жоҳиллар билан муомала қилиш мушкул иш. Улардан ҳар нарсани кутиш мумкин. Мабодо ўшандай муомала чоғида бирор кўнгилсизлик содир бўлиб, шайтон васваса қиладиган бўлса, қизишмасдан, дарҳол Аллоҳдан паноҳ сўра. У энг яхши эшитгувчи Зот, сўровингга дарҳол жавоб беради.)